МАТБУОТ АНЖУМАНИ
2026-07-08 10:30:00 / Матбуот анжуманлари

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2026 йил 4 июлдаги 125-сонли баёнига кўра жорий йилнинг 5 июлдан 5 сентябрга қадар Республикамиз ҳудудида “Долзарб 60 кун” профилактик тадбири амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ёз мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва профилактика ишларининг самарадорлигини янада оширишдан иборат.
“Долзарб 60 кун” тадбири доирасида қуйидаги устувор йўналишларда ишлар олиб борилади:
- аҳоли турар жойларида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш ҳолатини ўрганиш;
- таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги профилактик кўрикларини ўтказиш;
- энергетика, нефть ва газ, автомобилларга ёқилғи қуйиш ҳамда газ тўлдириш шохобчаларида саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
- бозорлар, савдо мажмуалари ва одамлар гавжум масканларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш;
- йирик қурилиш майдонлари ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида профилактик тадбирларни кучайтириш;
- ёзги оромгоҳлар, санаторийлар ва дам олиш масканларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш;
- ўрмон хўжаликлари, аҳоли пунктлари ва очиқ ҳудудларни қуриган ўсимликлар ҳамда ёнувчи чиқиндилардан тозалаш;
- тест синовлари ўтказиладиган объектларнинг ёнғинга қарши ҳолатини талаб даражасига келтириш;
- оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, электрон таблолар ва билбордлар орқали кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бориш.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Самарқанд вилоятида ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғини, уларнинг мол-мулкини ҳамда иқтисодиёт тармоқлари объектларини ишончли муҳофаза қилиш мақсадида кенг кўламли профилактик, назорат ва тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
Ҳисобот даврида давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатилди. Вилоят бўйича 5 минг 673 та текширув ўтказилиб, шундан 5 минг 337 таси батафсил, 336 таси назорат текширувларини ташкил этди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларида 358 та мониторинг ва профилактик тадбир ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Текширувлар натижасида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида 7 минг 198 та тавсия берилиб, уларнинг 5 минг 516 таси ижро этилди. Ёнғин профилактика кўриклари давомида эса 2 минг 486 та тавсия берилиб, шундан 1 минг 891 таси бажарилди. Шунингдек, давлат ва тадбиркорлик субъектларига 133 минг 764 та ёзма кўрсатма киритилиб, уларнинг 101 минг 640 таси бўйича камчиликлар бартараф этилди.
Алоҳида эътибор аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари, бозор ва савдо мажмуалари, автомобилларга ёқилғи қуйиш ҳамда газ тўлдириш шохобчалари, энергетика ва бошқа хавфи юқори объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилди. Ёнғин хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузган 1 минг 544 та бино ва иншоот фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, ёнғин келиб чиқиши хавфини туғдирувчи 10 минг 106 та носоз электр мосламаси ва электр тармоқларидан фойдаланиш тақиқланди.
Аҳолининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида профилактик ва тарғибот ишлари изчил давом эттирилди. ФВВ инспекторлари томонидан 256 минг 296 та аҳоли турар жойи ўрганилиб, қутқарув қисмлари шахсий таркиби томонидан 466 минг 531 та хонадонда профилактик тадбирлар ўтказилди. Натижада 550 минг 998 нафар фуқарога ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, 8 минг 310 та учрашув ташкил этилиб, уларда 407 минг 792 нафар фуқаро иштирок этди.
Ёнғин хавфсизлиги маданиятини юксалтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва интернет платформалари орқали ҳам кенг қамровли ахборот-тарғибот ишлари олиб борилди. Жумладан, 784 та телекўрсатув, 503 та радиоэшиттириш, 258 та газета ва журнал мақоласи, 3 минг 622 та интернет материали тайёрланиб эълон қилинди.
Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган шахсларга нисбатан 9 минг 303 та маъмурий жарима қўлланилиб, уларнинг умумий миқдори 5 миллиард 408 миллион 328 минг 720 сўмни ташкил этди. Ҳисобот даврида 7 минг 950 та жарима бўйича 2 миллиард 381 миллион 873 минг 612 сўм ундирилиши таъминланди.
Амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар вилоятда ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мавжуд хавф омилларини камайтириш ҳамда аҳоли ва объектларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Келгусида ҳам “Долзарб 60 кун” тадбири доирасида профилактик ишлар янада кучайтирилиб, барча масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилади.
Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати








