Малака ошириш маркази тингловчилари учун амалий-назарий ўқув машғулоти ўтказилди
2026-07-15 14:25:00 / Янгиликлар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ҳамда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорлигида Пастдарғом туманида жойлашган "Polygaz" МЧЖ Мароқанд терминалида Малака ошириш маркази тингловчилари учун амалий-назарий ўқув машғулоти ташкил этилди.
Машғулотнинг назарий қисмида тингловчиларга ёнувчан ва портлаш хавфи мавжуд объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, технологик жараёнларда хавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларида ҳаракат қилиш тартиби юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Амалий қисмда эса терминалда мавжуд ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимлари, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари, махсус техника ва жиҳозлардан фойдаланиш тартиби намойиш этилди. Тингловчилар шартли фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларни бошқариш, ёнғинни бартараф этиш ҳамда қутқарув ишларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур ўқув машғулоти тингловчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини янада ошириш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга тезкор муносабат билдириш борасидаги тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.






