Самарқанд вилояти ФВБ таркибий тузилмалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди
2026-07-14 13:50:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимида фаолият юритаётган таркибий тузилмалар ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда гендер тенглик тамойилларини кенг тарғиб этиш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини бўйича вилоят биринчилиги ташкил этилди.
Мусобақа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази билан ҳамкорликда юқори савияда ташкил этилди. Унда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимларидан тузилган жамоалар иштирок этди. Беллашувда аёл ва эркак ходимларнинг тенг иштироки таъминланиб, гендер тенглик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар руҳида ўтган интеллектуал беллашув давомида иштирокчилар тарих, адабиёт, табиий ва аниқ фанлар, мантиқ ҳамда умумий билимлар йўналишлари бўйича берилган саволларга жамоавий тарзда жавоб бердилар. Ҳар бир жамоа ўзининг билим савияси, тезкор фикрлаши ва ҳамжиҳатлигини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра энг юқори натижаларни қайд этган жамоалар ғолиб ва совриндор деб топилиб, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мазкур интеллектуал мусобақа ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, жамоаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, гендер тенглик маданиятини мустаҳкамлаш ҳамда тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.









