Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Самарқандда ёшлар билан учрашди
2026-07-09 17:00:00 / Янгиликлар

Ёшлар куни муносабати билан Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Унда Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Р.Жумаев, вилоят ФВБ бошлиғи Ғ.Мухамедов ҳамда ФВВ Академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази бошлиғи А.Тешабоев иштирок этди.
Учрашувда тизимда фаолият юритаётган ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимлар, оталиққа олинган ёшлар, «Жасорат мактаби» ўқувчилари ҳамда Озарбайжон Республикасида ўтказилган Халқаро ёш қутқарувчилар мусобақасида муносиб иштирок этган Тойлоқ туманидаги 17-мактаб ўқувчилари қатнашди.
Тадбир давомида вазир ўринбосари мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ёшларни Ватанга садоқат, фидойилик ва юксак масъулият руҳида тарбиялаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар, уларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи Ғ.Мухамедов ҳамда ФВВ Академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази бошлиғи А.Тешабоев ёш қутқарувчиларни эришган ютуқлари билан самимий табрикладилар. Улар тизимда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар ва мавжуд имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёшларни бундан буён ҳам янги марраларни забт этишга ундадилар.
Тадбир якунида фаол ва иқтидорли ёшлар рағбатлантирилиб, уларга келгусидаги фаолияти ҳамда ўқишларида муваффақиятлар тиланди.









