Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида профилактик тадбир ўтказилди
2026-07-09 11:05:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти ФВБда «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва хизматчилар иштирокида «Йўл-транспорт ҳодисалари: уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари» мавзусида профилактик тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг масъул ходими ҳамда ИИВ ЙҲХБ ходими иштирок этиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари, уларнинг оғир оқибатлари ҳамда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан маърузалар қилдилар.
Тадбир давомида хизмат ва шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш, транспорт воситаларини белгиланган тезликда бошқариш, маст ҳолда транспорт бошқармаслик, пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилишда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ҳамда ҳарбий хизматчи ва хизматчилар ўртасида соғлом маънавий-руҳий муҳитни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар коррупция ҳар қандай кўринишда жамият тараққиёти ва давлат органлари нуфузига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бу иллатга қарши курашишда ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.
Тадбир якунида иштирокчиларга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, хизмат интизомига риоя этиш, ҳуқуқбузарлик ва коррупцион ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.








