Сув ҳавзаларида хавфсизлик масалаларига бағишланган кўргазмали ўқув семинар ўтказилди.
2026-06-11 19:10:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан «Сув ҳавзаларида инсонларнинг сувга чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг олдини олиш чоралари» мавзусида ҳамкор ташкилотлар иштирокида кўргазмали ўқув семинар ташкил этилди.
Семинарда Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи ўринбосари У. Ахроров мавзу юзасидан маъруза қилиб, сув ҳавзаларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари, уларнинг оқибатлари ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, ёз мавсумида аҳоли, айниқса ёшлар ва болалар ўртасида сув ҳавзаларида хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларига қатъий риоя этиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда Ички ишлар бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Маҳаллалар уюшмаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг назарий қисмида иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан қатор саволлар берилди.
Мутахассислар сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, чўкиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда қутқарув хизматларининг фаолияти бўйича берилган саволларга батафсил жавоб қайтариб, зарур тавсия ва тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, сув ҳавзаларида хавфсизликни таъминлаш, аҳоли ўртасида профилактик тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан ўз маъруза ва таклифларини билдирдилар.
Семинарнинг амалий қисмида сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидалари, чўкаётган инсонни қутқариш усуллари ҳамда жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш тартиби кўргазмали тарзда намойиш этилди.
Мутахассислар томонидан чўкиш хавфи юзага келганда тўғри ҳаракатланиш, қутқарув воситаларидан самарали фойдаланиш ва тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича амалий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қутқарув хизматларида фойдаланиладиган ғаввослик жиҳозлари ва махсус кийимлари, қутқарув ҳалқалари, қутқарув нимчалари, арқонлар ҳамда бошқа махсус воситаларнинг техник имкониятлари ва улардан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчилар мазкур воситаларнинг амалий қўлланилиши билан яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида сув ҳавзаларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини янада юксалтириш бўйича тавсиялар берилди. Семинар иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кузатилди ва ўзаро фикр алмашилди.









