Самарқандда ҳайдовчи-қутқарувчиларнинг малака даражасини ошириш ва махсус агрегатлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича ўқув-методик семинар ўтказилди
2026-06-11 18:30:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 6-қутқарув қисми биноси мажлислар залида барча туман ва шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимларининг катта ҳайдовчилари ҳамда қутқарувчи-ҳайдовчилари иштирокида ўқув-методик семинар ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади хизмат ва шахсий автотранспорт воситалари иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш, транспорт воситаларининг техник созлигини таъминлаш, ҳужжатларни тўғри юритиш, қонунчилик талабларига амал қилиш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Семинарда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, бошқарманинг масъул ходимлари ҳамда Ички ишлар органлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакили томонидан маърузалар қилиниб, ҳайдовчи-қутқарувчиларга хизмат фаолияти давомида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш, хизмат ва транспорт интизомини мустаҳкамлаш, қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш, хизмат вазифаларини масъулият билан бажариш ҳамда фавқулодда вазиятларга шайликни таъминлаш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Ёнғин ўчириш автомобили ҳайдовчисини ишга олиш, унга малака даражасини ва махсус агрегатдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 427-сонли буйруғи талаблари асосида ёнғин ўчириш автомобиллари ҳамда махсус агрегатлардан фойдаланиш тартиблари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Семинар якунида иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш мақсадида назарий ҳамда амалий синовлар қабул қилинди. Синовлардан муваффақиятли ўтган ҳайдовчи-қутқарувчиларга ёнғин ўчириш автомобиллари ва махсус агрегатлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар ҳамда тегишли малака даражалари берилди.
Мазкур тадбир ҳайдовчи-қутқарувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, хизмат самарадорлигини юксалтириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга тезкор ва самарали жавоб бериш салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.









