Агентлик ҳақида
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 27-мартдаги ПФ-63-сонли “Энергия самарадорлигини ошириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилди. Агентликнинг фаолияти ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 2-майдаги 292-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Агентлик энергия самарадорлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, соҳада рағбатлантирувчи ва таъсир этувчи чораларни ишлаб чиқиш ва тартибга солиш давлат сиёсатини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Агентлик бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, соҳада рағбатлантирувчи ва таъсир этувчи чоралар ишлаб чиқиш ва тартибга солиш;
энергия тежашдан даромад олувчи энергия сервис компаниялари (кейинги ўринларда — ЭСКО) хизматлари бозорини ривожлантириш;
энергия самарадорлиги юқори бўлган лойиҳалар портфелини шакллантириш ва уларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш;
энергия самарадорлигини ошириш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини баҳолаб боришни ташкил қилиш;
аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва исроф қилмасликка асосланган турмуш тарзи ва феъл-атворни шакллантиришга қаратилган энергия истеъмоли маданиятини ошириш ахборот кампанияларини ташкил этиш ва молиялаштириш.
