Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини Платформа орқали сотиш тартиби белгиланди
2025-10-29 16:10:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини — қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва иссиқлик насосларини сотиш ва ўрнатиш бўйича Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформасида савдоларни ўтказиш, шартнома тузиш, етказиб бериш ва ўрнатиш тартиби белгиланди.
Тартибга кўра, етказиб берувчилар томонидан Платформага жойлаштирилган маҳсулот таклифлари оммавий оферта ҳисобланади. Таклифда маҳсулот номи, маркаси, сони, ишлаб чиқарувчиси, техник хусусиятлари, қуввати, нархи, ишлаб чиқарилган йил, яроқлилик ва кафолат муддати, етказиб бериш ҳудуди ва фотосурати кўрсатилади.
Етказиб берувчининг офертаси 15 иш куни амал қилади ва ушбу муддат тугагач, яна 15 иш кунига фаоллаштириш мумкин. Савдоларда маҳсулот нархи сўрови орқали рақобатли таклифлар таққосланади ва талабгор томонидан энг мақбул нархли таклиф танланади.
Платформада битим суммасидан 0,15 фоиз (бироқ БҲМнинг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган) миқдорда етказиб берувчидан комиссия ундирилади.
Ушбу тартибнинг жорий этилиши қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиш ва ўрнатиш жараёнларини шаффоф, очиқ ва рақобатли асосда амалга оширилишини таъминлайди.
