Аҳоли уй-жойларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган янги қарор қабул қилинди
2025-10-29 10:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Энергия сервис хизматлари бозорини шакллантириш ҳамда аҳоли уй-жойларининг энергия самарадорлиги оширилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 673-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, давлат хизматларини рақамлаштириш ва аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида 2025 йил ноябрь ойидан бошлаб Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали субсидия ажратиш механизмлари белгилаб берилди.
Эндиликда аҳоли энергия самарадор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилишда субсидиялардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Жумладан:
“Яшил таъмир” ва “яшил” истеъмол кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 19 фоиздан ошган қисми (бироқ 4 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда) Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади:
- уй-жойларни энергия аудитидан ўтказиш харажатларининг 100 фоизи;
- қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, маиший иситиш қозонлари ва бошқа энергия тежовчи қурилмалар учун харажатларнинг 20 фоизи;
- иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи (базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача) субсидия сифатида тўлаб берилади.
Шунингдек, тижорат банклари орқали тўқимачилик саноати корхоналарига қуёш панелларини харид қилиш ва ўрнатиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг 10 фоиз бандигача Энергия самарадорлиги милллий агентлиги томонидан компенсация ажратилади.
Ушбу қарор мамлакатда энергия самарадор турмуш тарзини шакллантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда аҳоли уй-жойларида энергия тежамкорликни оширишга хизмат қилади.
