“Коррупция – жамият танасидаги саратон”: тизим ходимлари учун ўқув-семинар ўтказилди
2025-10-20 14:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш борасида изчил ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Энергия самарадорлиги миллий агентлигида "Коррупция – жамият танасидаги саратон" мавзусида йиғилиш ўтказилди. Унда Агентликдаги барча ходимлар иштирок этди.
Тадбирда коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ экани, уни бартараф этиш эса ҳар бир ходимнинг фуқаролик бурчи ва виждон иши экани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “жамият коррупцияни танадаги саратон сифатида қабул қилиши, ҳар бир фуқаро эса "ҳалоллик вакцинаси" билан эмланиши” зарур.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жумладан, "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги Қонун ва "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуннинг аҳамияти ёритиб ўтилди.
Агентликда коррупциянинг олдини олиш, ҳалоллик муҳитини шакллантириш мақсадида Комплаенс назорати ва ички аудит бўйича бўлим фаолияти йўлга қўйилган. Шу асосда 13 та ички норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш тизимдаги ҳар бир ходимдан ҳалоллик, очиқлик ва масъулият талаб этилиши, ушбу тамойилларга қатъий амал қилиш давлат хизматининг нуфузини оширишда муҳим омил экани қайд этилди.


