Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директорининг «Камбағалликни қисқартириш учун яшил ўсиш: Иқлимга мос ечимлар ва яшил иш ўринлари» мавзусидаги панель сессиясида сўзлаган нутқи
2025-09-18 14:10:00 / Янгиликлар

Наманганда ўтган “Камбағалликдан фаровонлик сари” III Халқаро форуми доирасида “Камбағалликни қисқартириш учун яшил ўсиш: Иқлимга мос ечимлар ва яшил иш ўринлари” мавзусида панель сессияси ўтказилди.
Сессияда камбағаллик ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, глобал иқлим ўзгаришини юмшатиш ва хавфсизлик тармоқлари тизимлари, “яшил” ва барқарор ўсиш ҳамда иш ўринлари яратиш, энергия таъминотининг камбағалликка таъсири йўналишида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Мазкур сессияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори Зиёвиддин Бадриддинов Боситович ҳам сўзга чиқди.
Зиёвиддин Бадриддинов иқлимнинг салбий таъсирини юмшатиш ва инсонлар фаровонлигини таъминлаш учун барқарор, яшил иқтисодиётга ўтиш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди.
Энергия самарадорлиги — камбағалликни қисқартиришда муҳим омил. Ҳозирда Ўзбекистондаги жамоат бинолари, хусусан, боғчалар, мактаблар ва шифохоналарнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бўлиб, бу биноларда энергия тежаш технологиялари назарда тутилмаган.
Шу сабабли, мазкур биноларда иссиқлик энергияси истеъмоли йилига ўртача 350 кВт/м² ни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Европадаги ўртача даражадан 2,4 баробарга, Австрияникидан 3 баробарга, Голландиядан 3,7 баробарга юқори. Бу нафақат иқтисодий самарасизлик, балки таълим, соғлиқни сақлаш ва болалар парвариши соҳаларидаги хизматлар сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати энергия хавфсизлигини таъминлаш, энергия сарфини қисқартириш ва "яшил" иқтисодиётга ўтишни устувор вазифа сифатида белгилади.
Энергия самарадорлиги чоралари туфайли боғчаларда ёш болалар учун қулай муҳит яратилади, уларнинг соғлом ривожланиши таъминланади, тиббиёт муассасаларида даволанувчилар учун қулай ҳарорат ва санитария шароитлари яратилиб, соғлиқни тиклаш тезлашади, бюджет ташкилотларида коммунал ва техник харажатлар камаяди, экологик ҳолат яхшиланиб, ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлиги ошади, аҳоли ўртасида ресурсларни оқилона фойдаланиш маданияти шаклланади.
Ўзбекистон ушбу йўналишда халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда ишлаб, халқаро молия институтларидан жалб қилаётган имтиёзли маблағлар доирасида 2026 йилдан бошлаб 100 дан ортиқ шифохона ва поликлиникалар, 400 та мактаб ва 300 та болалар боғчалари энергия самарадорлиги чоралари билан қамраб олинади. Халқаро мутахассислар хулосаларига кўра, иситиш тизимларини янгилаш орқали энергия тежамкорлигини 20 фоизгача, биноларни изоляциялаш ҳисобига 40 фоизгача ошириш имконияти мавжуд.
Ўзбекистонда уй-жойларнинг энергия самарадорлигини оширишда аҳолини рағбатлантириш механизмлари ҳамда уларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда жорий этилган Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси аҳоли билан энергия аудитори ва энергия самарадор қурилмалар етказиб берувчиларни очиқ ва шаффоф тарзда боғлаш имконини беради.
Платформа орқали аҳоли энергия аудитори ва қурилмалар етказиб берувчиларни эркин танлай олади, “яшил таъмир” кредитлари бўйича 4 фоизгача кредит фоизларининг қисмини қоплаш имкониятига эга бўлади, энергия самарадор қурилмалар учун субсидиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Таъкидлаш керакки, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан энергия самарадорлигини оширишга қаратилган давлат сиёсати ва рағбатлантириш механизмларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда ҳоким ёрдамчилари, маҳалла еттилиги ва аҳоли учун ўқув семинарлари ташкил этилмоқда, аҳолига тарқатма материаллар бериб, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича хабардорлик даражасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар аҳолини энергия тежаш ва яшил иқтисодиётга ўтишда рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


