Мактаб ва шифохоналарнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича қўшма баённома имзоланди
2025-09-18 09:05:00 / Янгиликлар

Наманган шаҳрида 17 сентябрь куни "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форумида 200 га яқин халқаро экспертлар иштирок этмоқда. Тадбир доирасидаги сессияларда камбағалликни қисқартиришда бозор талаблари, ислом молиясининг имкониятлари, бизнес инклюзивлиги, инсон капиталига сармоя мавзуларида инновацион ёндашувлар муҳокама қилинмоқда.
Форум доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ўртасида Ўзбекистон мактаблари ва шифохоналарининг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси юзасидан ҳамкорлик Баённомаси имзоланди.
Меморандумда кўзда тутилган мақсадларга эришиш йўлида мактаб ва шифохоналарнинг реал ҳолатини таҳлил қилиш, иссиқлик ва электр энергияси йўқотиш манбаларини аниқлаш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қуёш панеллари ва қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ этиш ишлари учун маблағлар жалб қилиш кўзда тутилган.
Мазкур ташаббус орқали мамлакатимиздаги мактаблар ва шифохоналарда энергия самарадорлиги оширилиб, замонавий энергия тежовчи технологиялар жорий этилади.
