Иссиқхоналарда энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалий ишлар бошланди
2026-10-20 10:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13-октабрдаги “Илғор “яшил” технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-371-сон қарори ижроси доирасида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан амалий ишлар бошланди.
Қарорга мувофиқ, 2030 йил 1 январга қадар Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналар учун қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия самарадор ускуналарни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи миқдорида, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади. Бунда қуёш панеллари учун субсидия бошқа энергия самарадор иситиш ускуналари билан биргаликда ўрнатилган тақдирда берилади.
Ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси — esma.uzex.uz орқали амалга оширилади.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари белгиланган туманлардаги иссиқхоналарга ташриф буюриб, иссиқхона эгалари ва ускуналар таъминотчилари учун амалий семинарлар ташкил этмоқда.
Семинарларда иссиқхона эгаларига субсидия олиш шартлари, ариза топшириш тартиби ва рақамли платформадан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда. Таъминотчиларга эса платформада рўйхатдан ўтиш, ускуналарни етказиб бериш ва ўрнатиш хизматларини ташкил этиш тартиби тушунтирилмоқда.
Бугунги кунда рақамли платформада иссиқлик насосларини ўрнатиш хизматларини кўрсатувчи 50 дан ортиқ таъминотчи рўйхатдан ўтган. Бу иссиқхона эгалари учун хизмат кўрсатувчиларни танлаш ва энергия самарадор технологияларни жорий этиш имкониятларини кенгайтиради.
Қарорда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланган. 2026 йил 1 декабрга қадар мазкур бешта тумандаги иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Ижтимоий реестрга киритилган биттадан оиланинг хонадонига майдони камида 4 сотих бўлган, иссиқликни сақловчи махсус қоплама ва энергия самарадор иситиш воситалари билан жиҳозланган иссиқхона ташкил этиш учун ҳар бирига 200 миллион сўмгача субсидия ажратиш назарда тутилган.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан ҳамкорликда ушбу 50 та хонадоннинг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия самарадор дераза ва эшиклар ҳамда гелиоколлекторлар билан жиҳозлаш ишларини ташкил этади.
Мазкур чора-тадбирлар иссиқхоналарда энергия сарфини камайтириш, замонавий энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг даромад топиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.


