Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-16 10:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 15 октабр куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий ҳимоя ва энергия самарадорлиги: мавжуд имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбир ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этиш жараёнида эҳтиёжманд аҳоли учун табиий газ ва электр энергияси бўйича назарда тутилган компенсация механизмлари, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш имкониятлари ҳақида манфаатдор томонларни хабардор қилиш ва очиқ мулоқот ташкил этиш мақсадида ўтказилди.
Семинар Энергия самарадорлиги миллий агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Юксалиш” ҳаракати ҳамда “Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассиси томонидан “Аҳоли учун субсидиялар ҳамда бизнес учун қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва сервис хизматлари” мавзусида тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидия механизмлари, энергия самарадорлигини ошириш имкониятлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш масалалари ёритилди.
Шунингдек, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, бу борадаги давлат дастурлари, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга доир ташаббуслар, кредит ва субсидия механизмлари ҳамда қонунчиликда назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари тўғрисида аниқ ва манзилли тарғибот ишларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиши, ташаббусларини рўёбга чиқариши ҳамда энергия самарадорлиги йўналишидаги лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Семинар қизғин савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтди. Иштирокчилар мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмлари ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича мавжуд имкониятлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мазкур семинар ижтимоий ҳимоя ва энергия самарадорлиги йўналишларида манфаатдор томонларнинг хабардорлигини ошириш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд имкониятларни кенг ёритиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.




