Словакияда энергия самарадорлиги соҳасидаги илғор тажрибалар ўрганилди
2026-09-28 11:10:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги вакиллари Жаҳон банкининг “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” – CEBU лойиҳаси вакиллари билан биргаликда Словакия Республикасига уюштирган хизмат сафари давомида энергия самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳани ривожлантириш бўйича Европа тажрибасини ўрганиб қайтди.
Ташриф доирасида Братислава, Нитра ва Жиар-над-Грон шаҳарларида Словакия Иқтисодиёт вазирлиги, Словакия инновацион ва энергетика агентлиги (SIEA), ASTRAIA Certification, THERMO|SOLAR ва CORWIN компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, энергия аудит жараёнини рақамлаштириш, энергия менежменти ва сертификатлаш тизимларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, энергия самарадор биноларни лойиҳалаш ва модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда энергия аудитини ягона рақамли тизим асосида ташкил этиш, аудит натижаларини маълумотлар базасида жамлаш, энергия самарадорлиги кўрсаткичларини мониторинг қилиш ҳамда малакали аудиторлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш бўйича тажриба алмашилди. Шунингдек, энергия менежменти тизимларини халқаро стандартлар асосида жорий этиш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, қуёш иссиқлик технологиялари, биноларнинг иссиқлик изоляцияси, энергия самарадор муҳандислик тизимлари, иссиқликни қайта тиклаш, ақлли бошқарув ва энергия сарфини оптималлаштиришга қаратилган замонавий ечимлар билан танишилди. Энергия самарадор биноларни лойиҳалаш ва реконструкция қилишда экологик материаллар ҳамда юқори самарали технологиялардан фойдаланиш тажрибаси ўрганилди.
Ташриф доирасида энергия самарадор лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни танлаш ва молиялаштириш мезонлари, шунингдек, биноларни модернизация қилишдан олдин уларнинг техник ҳолатини баҳолашнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф якунида энергия аудит жараёнини рақамлаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш, энергия самарадор лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда замонавий энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш йўналишларида тажриба алмашишни давом эттиришга келишилди.
Таъкидлаш керакки, Словакия тажрибаси Ўзбекистонда энергия самарадорлиги сиёсатини такомиллаштириш, рақамли мониторинг ва аудит тизимини ривожлантириш, шунингдек, бинолар ва инфратузилма объектларида замонавий энергия самарадор ечимларни кенг жорий этиш учун муҳим амалий аҳамиятга эга.
Маълумот учун, ташриф Словакия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси томонидан, SlovakAid дастурининг молиявий кўмагида ташкил этилди.





