ЭСМА ва GIZ ҳамкорлигида энергия самарадорлиги бўйича семинар ўтказилди
2026-09-26 20:20:00 / Янгиликлар

2026 йил 24–25 сентябрь кунлари Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда бинолар ва саноатда энергия самарадорлиги” мавзусида икки кунлик семинар ўтказилди. Семинарда Агентлик ходимлари, GIZ мутахассислари ва халқаро экспертлар иштирок этдилар.
Тадбирнинг асосий мақсади энергия самарадорлиги соҳасида амалий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда бинолар ва саноатда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Семинар давомида биноларда энергия самарадорлигини ошириш, энергия аудитини ташкил этиш, энергия хизматлари моделларини ривожлантириш, “яшил” саноатлаштириш, ресурслардан самарали фойдаланишга йўналтирилган ишлаб чиқариш ҳамда барқарор шаҳарсозлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида амалий мисоллар асосидаги техник тақдимотлар ўтказилиб, гуруҳларда ишлаш ҳамда экспертлар иштирокидаги муҳокамалар ташкил этилди. Иштирокчилар энергия самарадорлиги бўйича чора-тадбирларни амалиётга жорий этишда юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, Агентлик ва GIZ ўртасида техник экспертиза алмашинуви, салоҳиятни ривожлантириш, амалий ечимларни жорий этиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
GIZнинг Ўзбекистондаги амалий фаолияти доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар семинар мавзуларини янада бойитди. Жумладан, ташкилот томонидан 60 дан ортиқ давлат биноларида батафсил энергия аудитлари ўтказилгани, шунингдек, 9 та миллий қурилиш меъёри ва стандартини қайта кўриб чиқиш ҳамда корхоналарга тоза ва ресурслардан самарали фойдаланишга йўналтирилган ишлаб чиқариш амалиётларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Семинар Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва GIZ ўртасидаги ҳамкорликни янги амалий йўналишлар билан бойитишга хизмат қилди. Тадбир доирасида техник билим ва экспертизани бирлаштириш, энергия самарадорлиги лойиҳаларини ривожлантириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда илғор халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундай ҳамкорлик Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқтисодиёт тармоқларининг яшил трансформациясини жадаллаштиришга хизмат қилади.





