Ўзбекистон ва Словакия ўртасида ESCO соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2026-09-23 17:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда энергия сервис компаниялари — ESCO бозорини ривожлантириш ҳамда энергия самарадорлиги соҳасида Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда халқаро ва Европа тажрибаси асосида энергия аудити ва ESCO бозорини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган ҳужжатлар тақдим этилди.
Хусусан, ESCO компанияларини сертификатлаш ва энергия аудитини ўтказиш бўйича йўриқнома, базавий кўрсаткичларни баҳолаш ва верификация қилиш тартиб-таомиллари, намунавий энергия самарадорлиги шартномаси (EPC) ҳамда ESCO лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий моделлар ва рискларни камайтириш механизмлари ишлаб чиқилди.
Семинарда энергия аудиторларини сертификатлаш, энергия аудитлари сифатини ошириш, ESCO шартномаларини стандартлаштириш ва лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва Словакия Инновациялар ва энергетика агентлиги (SIEA) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Ўзбекистонда шаклланган илк хусусий ESCO компаниясининг тажрибаси ва бизнес модели тақдим этилди.



