Энергия самарадорлиги соҳасида Жаҳон банки билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
2026-09-22 10:50:00 / Янгиликлар

Жорий йил 21-cентябрь куни Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида энергетика йўналиши раҳбари Ани Балабанян бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар тақдим этилди.
Учрашувда аҳоли уй-жойлари, ижтимоий объектлар ва саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, энергия самарадорлиги соҳасида ESCO механизмларини ривожлантириш, энергетик паспортлаштириш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, энергия истеъмоли ҳамда тежамкорлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Олмалиқ шаҳрини энергия самарадорлиги бўйича комплекс пилот ҳудуд сифатида белгилаш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Мазкур ёндашув доирасида аҳоли уй-жойлари, иссиқлик таъминоти ва саноат корхоналарида энергия самарадорлиги чораларини ўзаро уйғунлаштирган ҳолда амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида углерод бозорини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг Миллий энергия самарадорлиги стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда янги «Энергия самарадорлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жаҳон банки вакиллари мазкур йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида таклиф этилган дастурлар бўйича ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи концепцияларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар энергия самарадорлиги соҳасида институционал салоҳиятни ошириш, замонавий молиявий механизмларни жорий этиш ва юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.



