Энди сервис хизмати кўрсатувчилар — ягона платформада
2026-09-16 16:35:00 / Янгиликлар

Энергия самарадор қурилмаларнинг самарали ва узоқ муддат ишлаши учун уларни мунтазам равишда техник кўрикдан ўтказиш, тозалаш, созлаш ва зарур ҳолларда таъмирлаш муҳим.
Шу мақсадда Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформасида энергия самарадор қурилмаларга хизмат кўрсатиш бўйича махсус бўлим ишга туширилди.
Хонадонингизга, иш жойингизга, боғча, мактаб, шифохона ва бошқа исталган бино-иншоотларда ўрнатилган қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари ва бошқа энергия самарадор қурилмаларга техник хизмат кўрсатувчиларни esma.uzex.uz орқали осон излаб топиш мумкин.
Платформа орқали нафақат энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш ва улар учун субсидия олиш, шунингдек, қурилмаларга техник хизмат кўрсатиш бўйича зарур мутахассис ва хизмат кўрсатувчи корхонани ҳам топа оласиз.
Мазкур бўлим орқали фойдаланувчилар ўзларига керакли хизмат турини аниқлаб, тегишли ҳудуд ва хизмат кўрсатувчи корхоналарни кўриб чиқиш ҳамда ўзлари учун мақбул бўлган хизмат кўрсатувчи ташкилотни танлаш имкониятига эга.
Хизматлар қаторидан энергия самарадор қурилмаларни тозалаш, техник кўрикдан ўтказиш, созлаш, диагностика қилиш, таъмирлаш, масофадан туриб маслаҳатлар олиш ҳамда бошқа кўплаб техник хизмат турларини топишингиз мумкин.
Бундан ташқари, esma.uzex.uz платформасининг Android ва iOS операцион тизимлари учун ишлаб чиқилган мобил иловалари орқали фойдаланувчилар исталган жой ва исталган вақтда энергия самарадор қурилмаларга сервис хизматлари кўрсатувчи корхоналарни топиш ҳамда улар билан бевосита боғланиш имкониятига эга.
