Чортоқда энергия самарадор мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди
2026-08-26 17:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги 300-сон қарори асосида мукаммал таъмирланган Чортоқ тумани “Дилдош” МФЙ ҳудудида жойлашган 23-сонли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
360 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотининг иситиш ва совитиш тизимлари энергия самарадорлиги юқори бўлган иссиқлик насослари билан жиҳозланди, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ҳамда фанкойллар ўрнатилди.
Шунингдек, қўшимча иситиш тизими сифатида “иссиқ пол” технологияси жорий этилди. Бино пойдевори, ташқи деворлари ва том қисми иссиқлик изоляцияси билан қопланди, вентиляцияланадиган фасад тизими ўрнатилди.
Амалга оширилган энергия самарадорлик чоралари натижасида бинода энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иссиқлик йўқотишларини камайтириш ва энергия сарфини мақбуллаштириш учун зарур шароитлар яратилди.
Замонавий иситиш ва совитиш тизимлари, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда иссиқлик изоляцияси ечимлари муассасанинг энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, тарбияланувчилар учун қулай микроиқлим ва замонавий таълим-тарбия муҳити таъминланади.




