Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергия аудитини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-31 13:45:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида энергия самарадорлигини ошириш соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган идоралараро семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги, Ўзенергоинспекция, Ўзбекистон Энергетиклар миллий ассоциацияси, Бош прокуратура, 25 та вазирлик ва идора, шунингдек, энергия аудити ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–70-сон Фармони ижросини таъминлаш, вазирлик ва идораларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш, шунингдек, саноат корхоналарида энергия аудитини ташкил этиш ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари томонидан Президентимизнинг ПФ–70-сон Фармони ижросини таъминлаш механизмлари, энергия самарадорлиги соҳасидаги рақамлаштириш ишлари ҳамда амалдаги стандартларни такомиллаштириш масалалари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, семинар доирасида саноатни декарбонизация қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия аудитини ташкил этиш, қуёш фотоэлектр станциялари (PV), энергия сақлаш тизимлари (BESS), иссиқлик насослари ҳамда энергия самарадорлиги лойиҳаларига инвестицияларни жалб этиш масалалари бўйича очиқ мулоқот ташкил этилди.
Семинар якунида энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат органлари, тармоқ ташкилотлари ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, Президентнинг ПФ–70-сон Фармони ижросини самарали таъминлаш, энергия аудитини такомиллаштириш ҳамда замонавий энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.





