Энергия самарадорлиги миллий агентлиги: 2026 йилнинг биринчи ярим йиллик натижалари
2026-07-30 12:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан 2026 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда жорий лойиҳалар ҳақида маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Умуман олганда, республикамизда энергия самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, хусусан, 125 мингга яқин энергия тежамкор квартиралар барпо этилди, 934 минг м² дан ортиқ кўп квартирали уйларда иссиқлик изоляцияси ишлари бажарилди, 5,2мингта давлат мактабгача таълим ташкилотига 13 мингта гелиоколлектор ўрнатилди, 4,7 мингта ижтимоий муассасада эски иситиш тизимлари энергия самарадор ускуналарга алмаштирилди. Шу билан бирга, 550 дан ортиқ энергия аудитори сертификатланиб, мамлакатда энергия самарадорлиги соҳасининг малакали кадрлар базаси яратилди.
Ушбу даврда Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси – esma.uzex.uz орқали аҳоли томонидан субсидия асосида энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш ва ўрнатиш бўйича келиб тушган сўровлар асосида 7,3 мингта хонадонда энергия аудити ўтказилди. Энергия аудит натижаларига кўра, 5,7 мингдан ортиқ хонадонга қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ҳамда иссиқлик насослари ўрнатиш учун 42,4 млрд сўмдан ортиқ субсидия ажратилди.
Жорий йилда стратегик аҳамиятга эга яна бир муҳим натижа сифатида мамлакатда илк бор “Нол энергия сарфли бинолар” концепцияси ва ижтимоий объектлар учун энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар тасдиқланди, энергия тежамкор қурилишнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди.
JICA, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, ва бошқа халқаро молия институтлари билан умумий қиймати 820 млн АҚШ долларига тенг имтиёзли лойиҳалар протфели шакллантирилган.
Бугунги кунда, Агентлик томонидан жорий йилда иқтисод қилиниши режалаштирилган энергия ресурслари мақсадли кўрсаткичларнинг рақамли мониторинги йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–70-сон “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2026 йил учун энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг ижроси электр энергияси бўйича 2,6 млрд кВт/соатга, табиий газ бўйича 974 млн/метр кубга бажарилди.
Бунда, амалга оширилган энергия самарадорлиги тадбирлари ҳисобидан:
якка тартибдаги ва кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда 2,1 млрд кВт/соат электр энергияси ва 594,1 млн метр куб табиий газ;
25 та йирик тармоқ корхоналарида 486 млн кВт/соат электр энергияси ва 104,9 млн метр куб табиий газ;
йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш ҳисобидан 276 млн метр куб табиий газ иқтисод қилишга эришилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 60 та ҳужжати орқали 295 та топшириқ назоратга олинган ва ижроси ўз вақтида бажарилиши таъминланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 318 та топшириғи назоратга олинган.
Жорий йилнинг июль ойига қадар ижроси таъминланиши лозим бўлган жами 55 та Президент топшириқларининг 48 таси (87 фоиз) муддатдан олдин бажарилган хамда 7 та топшириқ ижроси юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Кўриб чиқилаётган даврда жами 72 та Вазирлар Маҳкамаси топшириқларининг 67 таси (93 фоиз) бажарилган ҳамда 5 та топшириқ ижроси юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида аноним мурожаатлар учун Telegram тармоғида махсус бот ишга туширилди. Мазкур ботга мурожаат қилувчининг шахси ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги кафолатланади.
Коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи ходимлар учун “Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш” мавзусидаги 36 соатлик масофавий махсус чуқурлаштирилган ўқув курсида 10 нафар ходим, Давлат хизматига ишга қабул қилинган ходимлар учун “Давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш” мавзусидаги ўқув курсида 10 нафар ходимлар қатнашиб, юқори натижалар билан тамомлади.
