“Энергия тежамкорлик” рақамли платформаси билан ишлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди
2026-07-16 21:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 14 майдаги 242-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳамкорликда “Энергия тежамкорлик” рақамли платформаси билан ишлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ташкил этилди.
Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, прокуратура органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари, ижтимоий соҳа муассасалари, йирик саноат корхоналари, шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудий филиаллари ҳамда электр таъминоти корхоналарининг масъул раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.
Йиғилиш давомида иштирокчиларга “Энергия тежамкорлик” рақамли платформасида ишлаш тартиби, энергия тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш ва платформага киритиш, ҳисоботларни юритиш, шунингдек, ҳудудлар кесимида энергия самарадорлиги кўрсаткичларини мониторинг қилиш ва баҳолаш механизмлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, платформага киритилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши энергия самарадорлиги бўйича белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Видеоселектор якунида иштирокчиларнинг платформадан фойдаланиш билан богʼлиқ саволларига Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилиб, амалий тавсиялар ҳамда қоʼшимча коʼрсатмалар тақдим этилди.


