Қорақалпоғистонда сайёр қабул ўтказилди
2026-07-17 16:25:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикасида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутасаддилари иштирокида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, энергия аудити ҳамда амалдаги қонунчилик юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди.
Хусусан, иштирокчиларни қизиқтирган ёритиш тизимларида энергия тежаш масалалари юзасидан LED ёритиш технологияларидан фойдаланиш, автоматик бошқарув тизимларини жорий этиш, табиий ёруғликдан самарали фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлиги юқори бўлган ёритиш ускуналарини қўллашнинг афзалликлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, саноат корхоналарида энергия аудитининг аҳамияти, ишлаб чиқаришдаги энергия сарфини таҳлил қилиш, йўқотишларни аниқлаш, энергия самарадор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришдаги ўрни юзасидан мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, фуқаролар томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, субсидия ва компенсациялар олиш тартиби, энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат томонидан яратилган имкониятлар ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар тақдим этилди.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ҳудудларда мунтазам ташкил этилаётган сайёр қабуллар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларни энергия самарадорлиги соҳасидаги ислоҳотлар, амалдаги имтиёзлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда. Бу каби учрашувлар орқали мурожаатлар жойида кўриб чиқилиб, соҳага оид долзарб масалалар юзасидан амалий тавсиялар ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда.

