Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари халқаро амалий семинарда иштирок этмоқда
2026-07-16 09:45:00 / Янгиликлар

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳрида “Мастер режалардан фазовий-ҳудудий режалаштиришга: рақамли бошқарув ва илғор ёндашувлар” мавзусидаги амалий семинарда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари фаол иштирок этмоқда.
Мазкур семинар ҳудудларни комплекс ривожлантириш, замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини жорий этиш, рақамли бошқарув тизимларини кенг қўллаш ҳамда халқаро тажрибаларни ўрганишга қаратилган бўлиб, унда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, лойиҳа офислари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 декабрдаги ПФ–223-сон Фармони ижроси доирасида ташкил этилган бўлиб, мазкур ҳужжатга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Лойиҳа офислари ходимларининг малакасини мунтазам ошириш, ҳудудларни илмий асосланган мастер-режалар асосида ривожлантириш ҳамда замонавий режалаштириш ёндашувларини амалиётга жорий этиш белгиланган.
Семинар давомида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари томонидан “Ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини ошириш дастури” юзасидан тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда мамлакатимиздаги мактабгача таълим, мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган энергия самарадорлиги лойиҳалари, биноларни комплекс модернизация қилиш, замонавий энергия самарадор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган давлат дастурларининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мазкур лойиҳаларнинг энергия истеъмолини камайтириш, буджет маблағларини иқтисод қилиш ва ижтимоий объектларда қулай шарт-шароитларни яратишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, семинар доирасида энергия самарадор қурилиш стандартларини жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, яшил инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ҳудудларнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини камайтиришга қаратилган замонавий ёндашувлар муҳокама қилинмоқда.

