Уйчи туманида энергия самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-15 09:45:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятининг Уйчи туманида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташаббуси билан энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда давлат томонидан яратилган қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда масъул мутасаддилар иштирок этди.
Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туманда энергия самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун энергия самарадорлиги ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда тақдим этилаётган субсидиялар, компенсациялар, солиқ имтиёзлари ва бошқа рағбатлантириш механизмлари юзасидан батафсил маълумот бердилар. Бу борада Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси – esma.uzex.uz сайтида давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар, субсидия ва компенсацияларни тақдим этиш жараёнлари очиқ, шаффоф ва тенг имкониятлар асосида амалга оширилиши таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, энергия самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан манзилли ишлашни кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.



