Ҳудудларда ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-14 09:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2026–2027 йилларда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳалари кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 277-сон қарори ижросини самарали таъминлаш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги бошчилигида ўтган семинарда мазкур қарор асосида энергия самарадорлиги тадбирлари амалга ошириладиган ижтимоий соҳа муассасалари учун бириктирилган лойиҳа ташкилотлари мутахассислари, маҳаллий ҳокимлик ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.
Семинарнинг асосий мақсади лойиҳалаш ишларини ягона техник талаблар асосида ташкил этиш, замонавий энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг самарали ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар, жумладан:
- бино фасадлари ва том қисмларини иссиқлик изоляцияси билан таъминлаш;
- энергия самарадор эшик ва деразаларни ўрнатиш;
- замонавий иситиш ва совитиш тизимларини жорий этиш;
- иссиқлик насослари, гелиоколлекторлар ҳамда фотоэлектр станцияларидан самарали фойдаланиш;
- LED ёритиш тизимлари ва автоматлаштирилган бошқарув технологияларини қўллаш масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Шунингдек, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қўлланиладиган техник меъёрлар, энергия самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда қурилиш ишлари сифатини таъминлашга оид талаблар юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Семинар савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Иштирокчилар иш жараёнида юзага келаётган амалий масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассисларидан батафсил жавоб олдилар.
