Жаҳон банки миссияси билан техник кўмак дастури доирасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи муҳокама қилинди
2026-07-13 17:05:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлигида Жаҳон банкининг энергетика соҳаси бўйича миссияси вакиллари билан дастлабки учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Агентликни институционал ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилган техник кўмак дастури доирасида ташкил этилди.
Учрашув аввалида Агентлик ташкил этилганидан буён амалга оширилган ишлар, қисқа вақт ичида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Агентлик томонидан энергия самарадорлиги соҳасида шакллантирилаётган институционал тизим, амалга оширилаётган давлат дастурлари, субсидия ва молиявий рағбатлантириш механизмлари, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил ахборот тақдим этилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикасининг энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг бугунги ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Стратегия доирасида белгиланган мақсад ва вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда натижадорлик кўрсаткичларини баҳолаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали ҳамда якка тартибдаги уй-жойларда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган давлат дастурлари қамровини кенгайтириш, замонавий энергия самарадор технологияларни жорий этиш ва молиялаштириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Жаҳон банки техник кўмаги доирасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳавий дастурларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, операцион ҳужжатларни ишлаб чиқиш, энергия самарадорлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш ҳамда UzESCO фаолиятини такомиллаштириш бўйича яқин ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
