“Sumitomo Corporation” компанияси вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-07-11 19:25:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлигида Япониянинг “Sumitomo Corporation” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Агентлик томонидан жамоат биноларини энергия самарадорлиги талаблари асосида модернизация қилиш, кўча ёритиш тизимларини замонавий энергия тежамкор технологиялар билан янгилаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳамда иссиқхона хўжаликларида энергия самарадор ечимларни татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар давомида Япониянинг илғор тажрибаси ва технологияларидан фойдаланган ҳолда иссиқлик насослари, қуёш фотоэлектр станциялари, термомодернизация ҳамда замонавий иссиқлик изоляцияси технологияларини қўллаш орқали иссиқхоналарни модернизация қилишга қаратилган қўшма пилот лойиҳани амалга ошириш таклифи илгари сурилди.
Ўз навбатида, “Sumitomo Corporation” вакиллари мазкур ташаббусга қизиқиш билдириб, пилот лойиҳаларни шакллантириш мақсадида иссиқхона хўжаликларининг техник параметрлари ҳамда модернизация қилиниши режалаштирилган жамоат биноларига оид техник маълумотлар билан ўртоқлашиш зарурлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида томонлар ахборот алмашинувини давом эттириш, техник ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда энергия самарадорлиги соҳасида қўшма пилот лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини биргаликда кўриб чиқишга келишиб олдилар.
