Наманган шаҳрида сайёр қабул: фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатлари ўрганилди
2026-06-29 13:50:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, энергия самарадорлигини оширишга оид ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда фуқаролар мурожаатларини жойида ўрганиш мақсадида ҳудудларда сайёр қабуллар изчил ташкил этилмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул Наманган шаҳрининг “Обод” маҳалласида ўтказилди. Унда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан энергия самарадор ускуналарни ўрнатиш, давлат томонидан ажратилаётган субсидия ва компенсациялардан фойдаланиш, электрон платформа орқали рўйхатдан ўтиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Сайёр қабул давомида Агентлик масъуллари томонидан ҳар бир мурожаат индивидуал тартибда кўриб чиқилиб, амалдаги қонунчилик ва ҳукумат қарорларида белгиланган тартиблар асосида ҳуқуқий ҳамда амалий тушунтиришлар берилди. Жойида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди, қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар эса белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
Шунингдек, энергия самарадор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш учун ажратилаётган субсидия ва компенсацияларни олиш тартиби, махсус электрон платформа орқали мурожаатларни расмийлаштириш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этилди. Учрашув якунида иштирокчиларни қизиқтирган масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилиб, мурожаатлар бўйича тегишли тавсиялар билдирилди.



