JICA ва Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ўртасида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари бўйича битимлар имзоланди
2026-06-19 09:25:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) катта вице-президенти Ёшифуми Ёшикава бошчилигидаги делегация ўртасидаги учрашув доирасида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва JICA ўртасида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битимлар имзоланди.
Мазкур битимлар JICA иштирокида амалга ошириладиган “Ижтимоий биноларда энергия самарадорлигини ошириш” ҳамда “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Келишувларга мувофиқ, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижтимоий объектларда замонавий энергия самарадор технологияларни жорий этиш, бино ва иншоотларда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларида энергия сарфини мақбуллаштириш ҳамда корхоналарнинг энергия тежамкор технологияларга ўтишини рағбатлантириш мақсадида имтиёзли молиялаштириш механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва JICA ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги устувор йўналишларини муҳокама қилди. Хусусан, энергия самарадорлиги соҳасида халқаро тажрибани жорий этиш, техник кўмак дастурларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида энергия тежамкорлик тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда яшил ривожланиш йўналишидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилади.
