Энергия самарадорлиги ва тоза энергия йўналишларида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи бошланди
2026-06-18 12:05:00 / Янгиликлар

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва Global Green Growth Institute (GGGI) ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасида энергия самарадорлигини ошириш, тоза энергия технологияларини ривожлантириш ҳамда яшил иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш йўналишларида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Меморандум доирасида томонлар энергия самарадорлиги ва тоза энергия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторидан ЭСКО хизматлари бозорини ривожлантириш, бино ва иншоотларда энергия самарадорлигини ошириш, саноат тармоқларида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, кам ва ноль чиқиндили биноларни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, меморандум энергия самарадорлиги соҳасидаги қонунчилик ва институционал механизмларни такомиллаштириш, энергия аудити ва энергетик сертификатлаш тизимини ривожлантириш, рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда халқаро молиялаштириш манбаларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Global Green Growth Institute (GGGI) — Корея Республикасининг Сеул шаҳрида жойлашган халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ривожланаётган давлатларда барқарор ва “яшил” иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Ташкилот мамлакатларга паст углеродли, энергия самарадор ва иқлим ўзгаришига бардошли ривожланиш моделларига ўтишда кўмаклашади.
GGGI Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, ЭСКО бозорини шакллантириш, иқлим молиялаштириш маблағларини жалб қилиш, тоза энергия технологияларини жорий этиш ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги устувор вазифаларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва GGGI ўртасида имзоланган мазкур Меморандум мамлакатимизда энергия тежамкор технологияларни ривожлантириш, “яшил” инвестициялар оқимини кенгайтириш ва энергия самарадор иқтисодиётни шакллантириш йўлида муҳим амалий қадам ҳисобланади.

