Хатирчи туманида энергия самарадорлиги ва субсидия механизмлари бўйича видеоконференция ўтказилди
2026-06-17 10:50:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти Хатирчи туманида аҳоли хонадонларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ажратилаётган субсидия ва компенсациялардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган видеоконференция ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, ҳоким ёрдамчилари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Семинар давомида аҳоли хонадонларида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, замонавий қурилмалардан фойдаланиш орқали энергия сарфини камайтириш бўйича тушунтиришлар берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 673-сонли “Энергия сервис хизматлари бозорини шакллантириш ҳамда аҳоли уй-жойларининг энергия самарадорлиги оширилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш харажатларини қоплаш, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари, замонавий иситиш қозонлари ва бошқа энергия самарадор ускуналарни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиблари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 242-сонли “2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқ корхоналарида энергиядан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш орқали электр энергияси ва табиий газни тежашни таъминлаш тўғрисида”ги қарори доирасида юридик шахслар учун энергия самарадор лойиҳаларни амалга ошириш, энергия ресурсларини тежаш ҳамда белгиланган субсидия ва компенсациялардан фойдаланиш имкониятлари тушунтирилди.
Тадбирда тадбиркорлар учун энергия самарадор технологияларни жорий этиш, аҳолига замонавий энергия ечимларини таклиф қилиш ва ушбу йўналишда хизматлар бозорини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Субсидия ва компенсацияларни ажратиш механизми бўлган энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси – esma.uzex.uz орқали шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавфларнинг олдини олиш устувор вазифа эканлиги тушунтирилди.
Видеоконференция якунида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилиб, аҳоли ва тадбиркорларни энергия самарадор лойиҳаларга кенг жалб этиш бўйича фикр алмашилди.


