Энергия самарадор кўча ёритиш тизимлари — замонавий ва тежамкор ечим
2026-06-12 16:20:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда шаҳар ва аҳоли пунктларида кўча ёритиш тизимларини модернизация қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда эксплуатация харажатларини камайтириш долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда энергия самарадор технологиялар асосидаги замонавий ёритиш тизимлари жорий этилмоқда.
Энергия самарадор кўча ёритгичларида юқори самарали LED технологиялардан фойдаланиш билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бундай тизим кам электр энергияси сарфлаган ҳолда юқори ёруғлик самарадорлигини таъминлайди. Қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси аккумуляторларда сақланади ва ундан тунги вақтда фойдаланилади. Бу эса электр тармоғига юкламани камайтириб, харажатларни қисқартиради.
Тизим қуёш панели, аккумулятор батареяси, LED чироқлар ҳамда бошқарув қурилмасидан ташкил топади. Ақлли бошқарув (Smart Dimming) технологияси орқали ёруғлик даражаси транспорт ва пиёдалар ҳаракатига қараб автоматик созланади. Натижада энергия сарфи камаяди ва қурилмаларнинг ишлаш муддати узаяди.
Замонавий кўча ёритиш қурилмалари чанг ва намликдан ҳимояланган (IP 66 даражаси), ташқи таъсирларга чидамли бўлиб, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган. Кўплаб қурилмаларга 3–5 йил кафолат берилади. Ҳисоб-китобларга кўра, битта анъанавий кўча чироғини энергия тежамкор тизимга алмаштириш йилига ўртача 550 кВт/соатгача электр энергиясини тежаш имконини беради.
Ўзбекистонда тунги ёритиш тизимларини замонавийлаштириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган дастур асосида шаҳар ва туманлардаги ёритиш тизимларини энергия самарадор технологияларга ўтказиш режалаштирилган.
Дастур доирасида 2026 йилда 97 мингдан ортиқ ёритиш қурилмасини алмаштириш белгиланган бўлиб, натижада йилига қарийб 36 млн кВт/соат электр энергиясини тежаш кутилмоқда. 2026 йил 5 июнь ҳолатига кўра, ҳудудларда 43 мингта тунги ёритиш қурилмаси замонавий тизимларга алмаштирилди.
Энергия самарадор кўча ёритиш тизимлари электр энергиясини тежаш билан бирга, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш, инфратузилма харажатларини оптималлаштириш ва “яшил иқтисодиёт” ривожига хизмат қилади.
