Энергия самарадорлиги миллий агентлиги вакиллари Осиё тоза энергия форумида иштирок этди
2026-06-12 12:40:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ходимлари Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилган Осиё тоза энергия форуми-2026 (ACEF) доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этдилар. Мазкур халқаро форум доирасида Агентлик вакиллари тоза энергетикага ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш ва замонавий энергетика ечимларини жорий этиш бўйича илғор тажриба алмашинуви ташкил этилди.
Осиё тоза энергия форуми-2026 Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 60 йиллик фаолияти доирасида ўтказилаётган нуфузли халқаро тадбирлардан бири бўлиб, Осиё ва Тинч океани минтақасида тоза, хавфсиз ва барқарор энергия тизимларини ривожлантириш масалаларига бағишланган.
Форум ОТБнинг 2025 йилда янгиланган Энергетика сиёсати асосида ташкил этилиб, минтақада энергия хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этишга қаратилган.
Тадбирда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, хусусий сектор вакиллари, илмий доиралар ва ривожланиш ҳамкорлари иштирок этиб, энергетика соҳасидаги долзарб масалалар ва янги имкониятларни муҳокама қилди.
Форумнинг асосий йўналишлари қаторида энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, энергетика инфратузилмасининг барқарорлигини ошириш, аҳолининг энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда рақамли технологиялар асосида ақлли энергетика тизимларини ривожлантириш масалалари алоҳида ўрин тутади.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги вакилларининг ушбу форумдаги иштироки Ўзбекистоннинг энергия самарадорлиги, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва яшил энергетикани ривожлантириш борасидаги халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.



