Ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди
2026-06-05 12:45:00 / Янгиликлар

“2026–2027 йилларда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳалари кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми берилган ҳудудларни энергия самарадор ҳудудларга айлантириш, аҳоли хонадонлари, кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, ҳудудларда энергия самарадорлиги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор манзилли дастурлар тасдиқланди. Жумладан, Жиззах вилоятидаги ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳаларини амалга ошириш, Денов ва Ғаллаорол туманларидаги кўп квартирали уйларни модернизация қилиш, ижтимоий соҳа объектларини гелиоколлекторлар билан жиҳозлаш ҳамда биноларни “Ноль энергия сарфли бино” тамойиллари асосида модернизация қилиш чоралари белгиланди.
Шунингдек, давлат ташкилотлари, шу жумладан ижтимоий соҳа муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлиги бўйича минимал талабларни қўллаш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат ташкилотлари, шу жумладан ижтимоий соҳа муассасалари объектларини реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган талаблар жорий этилади. Унга кўра, объектларни лойиҳалаш, шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш, қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ишларида энергия самарадорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ва иш ҳажмларини қисқартиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, мавжуд объектлар бўйича лойиҳа ҳужжатлари энергия аудити натижалари асосида ишлаб чиқилади ҳамда энергия аудити ҳисоботларини буюртмачиларга Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали тақдим этиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, давлат объектларини ижарага беришда уларда ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ва амалга оширилган энергия самарадорлиги тадбирларига қараб ижара тўловларига имтиёзлар қўллаш механизми ишлаб чиқилади.
Мазкур қарор доирасида меҳмонхоналар ва ихтисослаштирилган жойлаштириш воситаларини балли асосда таснифлаш жараёнида энергия самарадорлиги талабларини жорий этиш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилади.
Ушбу чора-тадбирлар энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни кенгайтириш, давлат объектларининг энергия сарфини камайтириш ва ҳудудларда барқарор энергия самарадор муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

