Сирдарёда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-05-25 16:25:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Боёвут туманида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат дастурлари доирасида яратилаётган имкониятлар, кредит ва субсидия механизмлари ҳамда солиқ имтиёзлари бўйича кенг тарғибот ишларини ташкил этиш мақсадида тадбиркорлар ва ҳоким ёрдамчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда давлат ташкилотлари масъуллари, тадбиркорлар, ёшлар ва фаол фуқаролар иштирок этди. Учрашув давомида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, энергия самарадорлигини ошириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Жумладан, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги масъуллари томонидан агентликнинг асосий вазифалари, энергия тежовчи технологияларни жорий этишнинг аҳамияти, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган субсидия ҳамда компенсация механизмлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 673-сон қарори — “Энергия сервис хизматлари бозорини шакллантириш ҳамда аҳоли уй-жойларининг энергия самарадорлиги оширилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича маълумот тақдим этилди.
Қайд этилганидек, мазкур қарорга мувофиқ энергия самарадор қурилма ва ускуналар — гелиоколлекторлар, қуёш панеллари, иссиқлик насослари, қурилиш изоляция материаллари, энергия самарадор газ ёндиргичли қозонлар ва бошқа технологияларни харид қилиш ҳамда ўрнатиш учун компенсациялар бериш, аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш харажатларини қоплаш учун субсидиялар ажратиш фақат Агентлик томонидан амалга оширилиши таъкидланди.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, “яшил таъмир” ва “яшил” истеъмол кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 19 фоиздан ошган қисми, бироқ 4 фоизлик банддан ошмаган миқдори Агентликнинг ягона реэстрига киритилган энергия аудиторларининг хулосалари асосида махсус платформа орқали Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, қарор асосида аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш харажатларининг 100 фоизи қоплаб берилиши, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва бошқа маиший иситиш қурилмаларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи, иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг эса 40 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши белгилангани таъкидланди. Бунда иссиқлик насослари учун ажратиладиган субсидия миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаслиги қайд этилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–70-сонли Фармони мазмун-моҳияти ҳам кенг тушунтирилди.
Мазкур Фармон билан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежамкор технологиялар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш орқали 2026 йилда 4,3 миллиард кВт/соат электр энергияси ва 2,8 миллиард куб метр табиий газни тежаш вазифаси белгилангани таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқ корхоналарида энергиядан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш орқали электр энергияси ва табиий газни тежашни таъминлаш тўғрисида”ги 242-сонли қарори юзасидан ҳам батафсил маълумот берилди.
Хусусан, 2026 йилдан бошлаб халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш лойиҳаларида ёритиш тизимлари фақат қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ташкил қилиниши ҳамда уларнинг электр тармоқларига уланиши тақиқлангани иштирокчилар эътиборига етказилди.
Тадбир интерактив мулоқот шаклида ўтди. Унда тадбиркорлар томонидан кредит ажратиш тартиблари, субсидия олиш шартлари, энергия тежовчи қурилмалардан фойдаланиш самарадорлиги, солиқ имтиёзлари ва амалий механизмлар бўйича кўтарилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.



