Сирдарёдаги 29-сонли мактабда инновацион иситиш тизими ўрганилди
2026-05-25 10:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги раҳбарияти ҳамда мутахассислари “Иссиқликтаъминоти” АЖ раҳбарияти билан биргаликда Сирдарё вилояти Боёвут тумани Миришкор маҳалласида жойлашган 29-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюриб, ушбу таълим муассасасида ишга туширилган замонавий энергия тежамкор иситиш тизими фаолияти билан танишдилар.
Мазкур лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида Япония ҳукумати томонидан ажратилган 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида мактабдаги эски ва энергия сарфи юқори бўлган қозонхона ўрнига замонавий, экологик хавфсиз иссиқлик насослари асосида ишловчи янги иситиш тизими барпо этилди. Ушбу технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, у сарфланган 1 кВт электр энергияси эвазига 3–4 баробар кўпроқ иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Шу билан бирга, тизимда ёқилғи ёниш жараёнининг мавжуд эмаслиги атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилишини кескин камайтириб, экологик хавфсизликни таъминлайди.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, янги тизим жорий этилиши натижасида мактабда энергия сарфи 56 фоизгача қисқариши кутилмоқда. Шунингдек, бинонинг энергия самарадорлиги даражаси юқори тоифага кўтарилиши таъминланади.
Ташриф давомида лойиҳа иштирокчилари мазкур ташаббус нафақат таълим муассасасида қулай ва замонавий шароит яратиш, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда “яшил тараққиёт” тамойилларини кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Маълумот учун, ушбу бинонинг иситиш тизими “Ўзбекистонда Қўшма кредитлаш механизмини жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат иншоотлари ва жамоат транспорти декарбонизация салоҳиятини намойиш этиш орқали инновацион декарбонизация ечимларини илгари суриш” лойиҳаси доирасида модернизация қилинган.








