Бўстонлиқ туманида энергия самарадорлиги ва “яшил иқтисодиёт”га бағишланган семинар ўтказилди
2026-05-14 10:25:00 / Янгиликлар

Бўстонлиқ туманида энергия самарадорлигини ошириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишга бағишланган ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Тадбир Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман солиқ инспекцияси ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарда туман ҳокими Ж.Ахмедов, туман прокурори С.Хусайинов, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Артикбаев, шунингдек, корхона ва ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия сарфини камайтириш ҳамда замонавий энергия тежамкор технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга энергия самарадорлигини ошириш орқали иқтисодий тежамкорликка эришиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Семинарда қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ҳамда бошқа муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, аҳолига ва тадбиркорларга ажратилаётган субсидия ва имтиёзлар, уларни олиш тартиблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Амалий кўргазмалар орқали замонавий энергия тежамкор ускуналар ва технологияларнинг афзалликлари намойиш этилди. Мутахассислар томонидан энергия истеъмоли маданиятини ошириш, энергия ресурсларини тежаш ҳамда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кундалик ҳаёт ва ишлаб чиқариш жараёнларига кенг татбиқ этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Мазкур семинар ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.




