Ёқилғи-энергетика соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда дуал таълимни жорий этиш бўйича янги босқич бошланмоқда
2026-05-02 17:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда замонавий ёндашув сифатида дуал таълим тизимини жорий этиш устувор аҳамият касб этмоқда.
Дуал таълим – бу таълим жараёнини икки асосий муҳитда, яъни таълим муассасаси ва ишлаб чиқариш корхонасида параллел равишда ташкил этишга асосланган тизимдир. Ушбу ёндашув талабаларга назарий билимларни таълим муассасасида, амалий кўникмаларни эса бевосита иш жойида эгаллаш имконини беради. Айниқса, ёқилғи-энергетикаси ва энергия самарадорлигини ошириш каби юқори технологияли соҳада назария ва амалиёт уйғунлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Дуал таълим жараёнида талабалар ишлаб чиқариш муҳитига эрта босқичдан жалб этилади. Улар электр ускуналари билан ишлаш ва автоматика тизимларини созлаш, монтаж ишларида иштирок этиш орқали реал тажрибага эга бўлади. Бу эса назарий билимларни мустаҳкамлаш ва касбий компетенцияларни шакллантиришга хизмат қилади. Шу мақсадда жорий йил 15-апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқ асосида Президент Администрацияси, Бош прокуратура, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги, Энергетика вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тармоқ корхоналари ҳамда бошқа идоралар иштирокида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси орқали ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш ҳамда энергия самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Қарор лойиҳасида, аввало, ёқилғи-энергетика йўналишида кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, 2030 йилга қадар камида 10 та соҳавий олий таълим муассасаларини халқаро рейтингларда юқори ўринларга олиб чиқиш, бакалавриат ва магистратура йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларини кенгайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, техникум ва олий таълим муассасаларида замонавий энергия самарадор технологиялар ва муқобил энергия манбалари қурилмалари бўйича мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бунда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосида 3D моделлаштириш, энергия менежменти ва комплаенс-назорат йўналишларида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳада таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим тизимини жорий этиш назарда тутилган. Унга кўра, талабалар ўқиш жараёнида узоқ муддатли ишлаб чиқариш амалиётига жалб қилиниб, назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда эгаллайди. Амалиётлар дастлаб ўқув полигонларида, кейинчалик эса бевосита ишлаб чиқариш объектларида “устоз-шогирд” тамойили асосида ташкил этилади.
Дуал таълим жараёнида талабалар учун зарур шароитлар яратиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, улар транспорт, овқатланиш ва вақтинчалик турар-жой билан таъминланади. Амалиёт давомида юқори натижаларга эришган талабаларга тармоқ корхоналарида ишга жойлашишда устуворлик берилади.
Соҳада замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш учун реал иш шароитларига яқинлаштирилган ўқув марказлари ва полигонлар ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу марказлар интерактив тренажёрлар, лабораториялар ва рақамли технологиялар билан жиҳозланади ҳамда амалий таълим сифатини янги босқичга олиб чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, дуал таълим тизимини жорий этиш “таълим — илм-фан — ишлаб чиқариш” интеграциясини мустаҳкамлайди. Бу эса энергетика соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
