Президент Фармони: энергия самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли чоралар белгиланди
2026-04-30 09:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ–70-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йилда жами 4,3 млрд кВт/соат электр энергияси ва 2,8 млрд куб метр табиий газни тежаш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари ва хўжалик субъектларида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда йирик саноат корхоналарида тежамкорлик чораларини амалга ошириш ҳисобига эришилади.
2026 йил 1 июлдан давлат секторидаги янги ва реконструкция қилинадиган бинолар учун энергия самарадорлигининг камида “C” тоифаси жорий этилади. Бунда энергия тежаш истеъмолчиларни тармоқдан узиш ёки чеклаш орқали эмас, балки замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига таъминланади.
Фармонга мувофиқ, энергия сервис компаниялари (ЭСКО) орқали давлат объектларида энергия самарадорлиги лойиҳаларини амалга ошириш механизми кенгайтирилиб, улар учун кафолатланган тўлов тизими жорий этилди. Шунингдек, энергия сарфи юқори бўлган объектларда халқаро стандартлар асосида комплекс модернизация ишлари амалга оширилади.
2026 йилдан бошлаб энергия истеъмолини рақамли мониторинг қилиш, жумладан Big Data, бизнес таҳлил ва сунъий интеллект технологиялари орқали таҳлил қилиш тизими йўлга қўйилади. Шу билан бирга, бинолар учун энергия самарадорлигининг эталон кўрсаткичлари (Benchmark) жорий этилади.
Ҳудудларда энергия самарадорлиги лойиҳаларини жадаллаштириш, кўп квартирали уйларни модернизация қилиш, “яшил” қурилиш стандартларини жорий этиш ҳамда энергия тежамкор ускуналардан кенг фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, таълим тизимида энергия тежамкорлик маданиятини шакллантириш, аҳоли ўртасида “Энергия самарадорлиги – фаровон ҳаёт гарови” умуммиллий ҳаракатини амалга ошириш назарда тутилган.
