Тошкент вилоятида энергия тежамкорлиги карвони: амалий чоралар
2026-04-29 12:25:00 / Янгиликлар

Жорий йил 15 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни иқтисод қилиш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилашга қаратилган муҳим топшириқлар берилди. Мазкур вазифалар мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Белгиланган топшириқларга мувофиқ, тизимли ишлар йўлга қўйилиб, ҳудудий даражада барча масъул ташкилотлар ҳамкорлигида аниқ чоралар кўрилмоқда. Жумладан, шаҳар ва туман ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда солиқ идоралари билан биргаликда энергия ресурсларини тежашга қаратилган кенг қамровли семинарлар ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида кўргазмали ускуналар билан жиҳозланган ўқув майдончалари ташкил этилиб, истеъмолчиларга замонавий ечимлар амалий тарзда намойиш қилинмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятида ҳоким Зойир Мирзаев ташаббуси билан йўлга қўйилган "Энергия тежамкорлиги ва оқилона фойдаланиш карвони" доирасида ҳудудларда кенг қамровли тарғибот ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Бекобод, Бўка, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Нурафшон, Пискент, Чирчиқ, Тошкент, Паркент, Қибрай, Зангиота каби ўнлаб туманларда ўтказилган семинарлар давомида мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, энергия самарадорлигини ошириш, газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва ҳудудни намунавий туманга айлантириш бўйича аниқ режалар тақдим этилди.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги электр истеъмоли паст бўлган абонентлар кесимида чуқур таҳлиллар олиб борилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича ўрганишлар амалга оширилмоқда. "Трансформаторбай" тамойили асосида ишлар ташкил этилиб, электр тармоқларини дарахт ва бута шохларидан тозалаш, газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш ва тартибга келтириш, иссиқлик тармоқларини изоляция қилиш ҳамда кўча ёритиш тизимларини замонавий энергия тежамкор чироқлар билан жиҳозлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.








