Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг 2026 йил I чорак якуни бўйича маълумотлари
2026-04-20 16:50:00 / Янгиликлар

2026 йил I чорак якуни бўйича Энергия самарадорлиги миллий агентлиги фаолиятига оид маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Энергия сервис хизматлари бозорини шакллантириш ҳамда аҳоли уй-жойларининг энергия самарадорлиги оширилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 673-сонли қарорига асосан уй-жойларни энергия аудитидан ўтказиш харажатлари 100% миқдорда, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, маиший иситиш қозонлари ва бошқа энергия тежовчи қурилмалар учун харажатларнинг 20% қисми, иссиқлик насослари харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40% қисми Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан қоплаб берилмоқда.
Жорий йил январь, февраль, март ойлари давомида Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси – esma.uzex.uz орқали аҳоли томонидан cубсидия асосида энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш ва ўрнатиш бўйича 7,3 мингдан ортиқ сўров келиб тушган, шундан қарийб 5 минг хонадон энергия аудитдан ўтказилди. 1,1 мингдан ортиқ хонадонга қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ҳамда иссиқлик насоcлари ўрнатиш учун субсидия ажратилди. Ажратилган субсидия қиймати 9 млрд сўмдан зиёд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда 2026 йил 1 мартдан бошлаб ижтимоий реестрга киритилган, I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлмаган оилалар хонадонларида “яшил” таъмирлаш ишларини амалга оширишни йўлга қўйди.
Ушбу ташаббус доирасида хонадонларнинг девор ва том қисмларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшикларни ўрнатиш, шунингдек, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторларни жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилиш билан бирга энергия сарфини ҳам қисқартиришга замин яратади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш белгиланган. Бунинг учун кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларнинг энергия самарадорлиги (энергоаудит)ни баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Бугунги кунда хорижий тажрибалар асосида бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги бўйича А–G тоифаларга ажратишнинг ягона методологияси ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш учун таклифлар тайёрланмоқда.
Республика бўйлаб хонадонларга энергия самарадор қурилмалар ўрнатишда бериладиган рағбатлантириш механизмлари (субсидия) тўғрисида аҳолини хабардор қилиш мақсадида қатор семинар ва учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида семинарлар ўтказилди.
2026 йил I чораги давомида энергия аудиторлари тайёрлаш бўйича жами 16 та таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Агентлик томонидан энергия аудиторларини сертификатлаш бўйича бино-иншоот йўналишида жами 5 маротаба имтиҳон ўтказилди ва муваффақиятли ўтган 268 нафар номзодларга сертификатлар топширилди.
2026 йил 7 апрель ҳолатига esma.uzex.uz платформасидаги энергия аудиторларининг ягона реестрида жами 185 та энергия аудиторлар рўйхатдан ўтди. Шундан, 126 таси бошланғич, 59 таси профессионал тоифадаги энергия аудиторлари ҳисобланади. Платформадаги энергия аудиторлик корхоналар сони эса 70 тани ташкил қилади.
2026 йил бошидан 4 944 та ижтимоий соҳа муассасалари энергия самарадорлик талаблари асосида модернизация қилинмоқда. Натижада йилига ўртача 218,3 млн кВт электр энергияси, 304 млн м3 газ иқтисод қилинади, атроф-муҳитга 595 минг тонна СО2 чиқиндиси чиқиши олди олинади.
Бугунги кунга келиб, 371 та энергия сарфи юқори бўлган саноат корхоналари белгиланди. Уларни энергия аудитдан ўтказиш режалаштирилган.
