Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳудудларда сайёр қабулларни ўтказмоқда
2026-04-15 09:45:00 / Янгиликлар

Аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича жойларда мавжуд муаммоларни бевосита ўрганиш мақсадида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги масъуллари томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Сайёр қабуллар давомида Агентлик мутахассислари фуқаролар ва тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадор технологияларни жорий этиш, давлат томонидан берилаётган имтиёз ва рағбатлантириш механизмлари юзасидан батафсил тушунтиришлар бермоқда.
Сурхондарёда ўтказилган сайёр қабул давомида фуқароларни энг кўп қизиқтирган масалалардан бири — қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ва бу борада давлат томонидан берилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида бўлди.
Жумладан, фуқаролар томонидан аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ва бошқа энергия самарадор ускуналарни ўрнатиш учун қандай субсидиялар мавжудлиги ҳақида саволлар берилди. Мутахассислар томонидан энергия аудити харажатлари тўлиқ, яъни 100 фоиз қопланиши таъкидланди. Шунингдек, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, “А+” тоифадаги иситиш қозонлари ҳамда рекуператор ускуналари учун 20 фоизгача, иссиқлик насослари учун эса 40 фоизгача субсидиялар ажратилиши маълум қилинди.
Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформа орқали ариза топшириш ва субсидия ажратиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, барча жараёнлар шаффоф тарзда амалга оширилади. Бу эса тизимдаги барча жараёнларда очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари устувор аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, “яшил” кредитлар бўйича имтиёзлар ҳам фуқароларни қизиқтирган масалалардан бўлди. Жисмоний шахсларга ажратиладиган «Яшил таъмир» ва “Яшил истеъмол” кредитларида фоиз ставкаси 19 фоиздан юқори бўлган қисмида 4 фоиз пунктигача бўлган харажатлар Агентлик томонидан қоплаб берилади.
Сайёр қабулларда тадбиркорлик субъектлари, хусусан, тўқимачилик саноати вакиллари ҳам фаол иштирок этди. Улар учун қуёш фотоэлектр станцияларини жорий этишда яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Бу соҳадаги корхоналар учун 3 йил муддатгача, 2 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 10 фоиз пунктигача қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Шунингдек, энергия аудити масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Энергия аудити уй-жойлар, бинолар ва иншоотларда энергиядан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш, йўқотишларни аниқлаш ҳамда тежамкор ечимлар ишлаб чиқиш жараёни бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тартибга солинади.
Сайёр қабуллар жараёнида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар жойида кўриб чиқилиб, тезкор ҳал этиш чоралари белгиланмоқда. Бу каби сайёр қабулларни барча ҳудудларда ўтказиш режа қилинган.


