Энергия самарадорлиги ва иссиқлик инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича учрашув ташкил этилди
2026-04-07 09:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлигида Агентлик директори Зиёвиддин Боситович ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Абдураҳимовна, шунингдек "Иссиқликтаъминоти" АЖ Бошқарув раиси Илҳом Хабибуллаевич иштирокида ишчи учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида мамлакатимизда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, учрашув давомида 395 та ижтимоий соҳа объектларини босқичма-босқич марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига улаш, Ангрен шаҳридаги 3,7 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлаш орқали тизимдаги йўқотишларни камайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, кўп квартирали уй-жойларга индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш орқали истеъмолни бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, иссиқлик насосларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида малакали мутахассисларни тайёрлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда энергия самарадорлигини ошириш нафақат иқтисодий тежамкорликни таъминлаш, балки мавжуд энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ҳамда аҳоли учун қулай ва барқарор яшаш шароитларини яратишда муҳим омил ҳисобланади.
Учрашув якунида замонавий ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш орқали йўқотишларни камайтириш мақсадида модернизация жараёнларини жадаллаштириш, амалий механизмларни янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро мувофиқлаштирилган фаолиятни давом эттиришга келишиб олинди.
