Ўзбекистонда энергия аудити ва ESCO бозори ривожига бағишланган мулоқот ташкил этилди
2026-03-27 09:40:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда энергия аудити ва ESCO бозори ривожига бағишланган биринчи кўп томонлама мулоқот ташкил этилди.
Тадбир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (UNDP) томонидан Словакия Республикаси ҳукумати молиявий кўмагида ташкил этилди.
Тадбир очилишида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори нутқ сўзлаб, мазкур мулоқот мамлакатимизда энергия самарадорлиги экотизимини шакллантириш ва ижтимоий биноларни модернизация қилишга инвестицияларни жалб этишда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
Тадбир давомида энергия аудити тизимини ривожлантириш, ESCO бозорини шакллантириш, шунингдек, ушбу йўналишда мавжуд муаммолар ва уларнинг амалий ечимлари кенг муҳокама қилинди. Давлат органлари, хусусий сектор, молия институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбир давомида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги фаолияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда энергия самарадорлигини рағбатлантирувчи чора-тадбирлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Ушбу йўналишдаги мавжуд имкониятлар ва истиқболли режалар кенг ёритилди.
Ўзбекистон бино-иншоотлар секторида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда жамоат инфратузилмасида энергия истеъмолини камайтиришга қаратилган муҳим ислоҳотларни амалга оширмоқда. Мактаблар, шифохоналар ва болалар боғчалари каби жамоат бинолари умумий энергия истеъмолининг салмоқли қисмини ташкил этади ва шу сабабли энергия самарадорлигини ошириш ҳамда харажатларни қисқартириш учун катта салоҳиятга эга.
Мазкур йўналишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (UNDP) Ўзбекистонда Словакия тараққиёт ҳамкорлиги кўмагида “Энергия аудити – Ўзбекистондаги жамоат биноларининг энергия самарадорлиги салоҳиятини очиш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Лойиҳадан кўзланган мақсад:
- Энергия аудити бўйича институционал тизимни мустаҳкамлаш;
- Энергия аудиторларини сертификатлаш тизимини жорий этишга кўмаклашиш;
- Энергия самарадорлиги инвестицияларида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.
Ушбу мулоқот энергия аудити тизимини ривожлантириш ва ESCO бозорини шакллантириш бўйича имкониятлар, муаммолар ва амалий ечимларни муҳокама қилиш учун манфаатдор томонларни бирлаштирувчи дастлабки платформа ҳисобланади.






