Энергия самарадорлигини оширишга бағишланган навбатдаги семинарлар Жиззах вилоятида ўтказилди
2026-03-19 17:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ҳамда Зомин, Ғаллаорол ва Дўстлик туманларида қатор семинарлар ташкил этилди. Тадбирлар давомида энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Ҳудудларда ўтказилаётган семинарлар давомида шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам алоҳида маълумотлар берилди. Иштирокчиларга соҳада манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланишда қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги тушунтирилди.
Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформасининг имкониятлари ҳам кенг ёритилди. Мазкур платформа орқали жисмоний шахслар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш учун давлат томонидан ажратиладиган субсидияларни олиш мақсадида онлайн ариза топширадилар. Таъкидланганидек, ушбу тизим тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, барча босқичларнинг очиқ ва шаффоф тарзда инсон омилисиз амалга оширилади. Бу эса коррупцион ҳолатларнинг олдини олишни таъминлашга хизмат қилади.
Семинарлар якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди ҳамда энергия самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.


