Энергия самарадорлиги миллий агентлиги Intelligent Building Expo Tashkent халқаро кўргазмаси ҳамкори
2026-03-12 16:30:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг 20–22 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Intelligent Building Expo Tashkent (IBE) — ақлли бинолар, муҳандислик тизимлари ва барқарор шаҳар инфратузилмасига бағишланган халқаро ихтисослаштирилган кўргазма бўлиб ўтади.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги Intelligent Building Expo Tashkent халқаро кўргазмасининг ҳамкори сифатида иштирок этади. Агентликнинг мазкур кўргазмадаги иштироки мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва барқарор шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Марказий Осиёда “ақлли” ва барқарор шаҳар муҳитини ривожлантиришга хизмат қиладиган инновацион технологияларни тақдим этиш, соҳадаги илғор тажрибалар алмашинуви учун самарали мулоқот майдонини яратиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган кўргазма доирасида энергия самарадорлиги, автоматлаштириш, рақамли хавфсизлик, муҳандислик тизимлари ҳамда барқарор сув таъминоти каби муҳим йўналишлардаги илғор технологик ечимлар намойиш этилади.
Хусусан, биноларнинг муҳандислик тизимлари ва инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қатор замонавий ечимлар – иситиш ва вентиляция тизимлари, сув таъминоти ва сув чиқариш инфратузилмаси, иссиқлик насослари, қозонлар ва сув иситгичлар, кондиционерлар, ҳаво қуритгич ва намлагичлар каби технологиялар, шунингдек, иситиш ва совитиш тизимларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, иссиқлик таъминотида энергия сарфини камайтиришга қаратилган инновацион ишланмалар намойиш этилади.
Ёритиш ва биноларни автоматлаштириш йўналиши доирасида архитектуравий, интерьер ва кўча ёритиш тизимлари, LED ва OLED технологиялари, энергия самарадор ёритиш ечимлари, рақамли лойиҳалаш технологиялари, шунингдек, ақлли электр тармоқлари (smart grids), электромобиллар учун зарядлаш станциялари, қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилиш ва энергияни сақлаш технологиялари намойиш этилади.
