5 март – Халқаро энергия самарадорлиги куни
2026-03-05 15:05:00 / Янгиликлар

Ҳар йили 5 март санаси дунёнинг кўплаб мамлакатларида Халқаро энергия самарадорлиги куни сифатида нишонланади. Ушбу сана жамиятда энергиядан оқилона ва самарали фойдаланиш, энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш муҳимлиги ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган.
Халқаро энергия самарадорлиги куни 1998 йилда Австрияда таъсис этилган. Унинг асосий мақсади энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда энергия истеъмоли маданиятини ошириш масалаларига давлатлар ва жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.
Бугунги кунда энергия самарадорлигини ошириш глобал аҳамиятга эга вазифага айланмоқда. Энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш иқтисодий барқарорликни таъминлаш, табиий ресурсларни асраш ҳамда атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид (CО₂) чиқиндиларини камайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистонда ҳам энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий энергия самарадор технологияларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташкил этилди.
Агентликни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, бозор тамойилларига асосланган яхлит ва мувофиқлаштирилган экотизимни яратиш, шу жумладан, энергия истеъмоли соҳасида аудит, консалтинг ва менежмент ҳамда энергияни тежашдан даромад олувчи энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш ва “яшил” молиявий дастакларни кенгайтириш.
Энергия самарадорлигини ошириш эса нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки келажак авлодлар учун экологик барқарор муҳитни сақлаб қолишга ҳам хизмат қилади.
